Сайт находится на обновлении
O'zbekcha Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) марказий аппарати таркибий бўлинмалари, идоравий мансуб ташкилотлари ва ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринларда – Вазирлик тизими ташкилотлари) томонидан “Ёш мутахассисларни танлаш” дастури (кейинги ўринларда – Дастур) олий таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда – ОТМ) битирувчи курсида ўқиётган қобилиятли ёшларни саралаб олиш, уларнинг стажировкасини ташкил этиш ва кейинчалик захирага киритиш бўйича комплекс чора-тадбирларни назарда тутади.

Дастур мақсади – Вазирлик тизим ташкилотларига энг муносиб кадрларни танлаш ва истиқболли кадрларни тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш ҳамда ОТМ битирувчиларини тизим ташкилотлари фаолиятига жалб қилиш самарадорлигини оширишдан иборат.

Дастур вазифалари:

олий таълим муассасалари ҳамда Вазирлик тизим ташкилотлари  ўртасида интеграцияни йўлга қўйиш;

энг салоҳиятли ва билимли битирувчиларни селекция қилиш;

номзодларни Вазирлик тизим ташкилотларига стажировка ўташ учун йўналтириш ҳамда “устоз-шогирд анъанаси” асосида тажрибали устоз-менторларга бириктириш;

стажировкани муваффақиятли якунлаган битирувчиларни танлов (суҳбат) асосида Вазирлик тизим ташкилотлари га ишга қабул қилиш.

 

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Ушбу Дастурда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Олий таълим муассасаси – бакалавриат таълим йўналишлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрланишини таъминловчи давлат таълим муассасаси;

битирувчи – ОТМ кундузги шаклининг бакалавриат босқичи битирув курс талабалари;

Вазирлик тизим ташкилотларида стажировка ўташ – ёш мутахассисларни давлат хизматига тайёрлаш, касбий фаолият маъсулиятини ҳис этиш ва тажрибали мутахассисларнинг иш фаолиятини ўрганиш орқали ОТМда олган назарий билимларини амалий мустаҳкамлаш жараёни;

малака талаблари – тизимдаги маълум бир давлат фуқаролик лавозимига стажёр бўлиш учун номзодларга нисбатан давлат органи томонидан белгиланадиган тегишли маълумот, шунингдек билим ва касбий компетенциясига қўйилган талаблар;

стажировка раҳбари – тизим ташкилотидаги стажировка жараёнини мувофиқлаштириш масъулияти юкланган раҳбар ходими.

устоз-ментор – стажировка ўтаётган битирувчиларга давлат хизматидаги фаолиятида “устоз-шогирд” анъанаси асосида зарур ташкилий кўрсатмалар берувчи, уларни техник хавфсизлик қоидалари билан таништирувчи, амалий кўникма ва малакаларни ўргатувчи, стажировка даврида талаба эгаллаган кўникмаларни баҳолаш юкланган тажрибали давлат фуқаролик хизматчиси;

шахсий ривожланиш режаси – битирувчининг тизим ташкилотида стажировкаси давомида ўзлаштириши лозим бўлган билим
ва кўникмалар муддатлар кесимида акс эттириладиган ҳужжат;

кадрлар захираси – тизим ташкилотидаги лавозимларни салоҳиятли, ёш кадрлар билан тўлдирилишини таъминлайдиган, юқори малакали мутахассислар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базаси.

 

2-боб. Танлов ўтказиш тартиби

  1. “Ёш мутахассисларни танлаш дастури” 1-иловадаги дастурни амалга ошириш схемаси бўйича тегишли босқичларда ва белгиланган муддатларда амалга оширилади.
  2. Вазирлик тизим ташкилотлари расмий саҳифаларида Дастур бўйича стажировка танлови ҳақида эълон берилади ва тарғибот ташвиқот ишлари амалга оширилади.
  3. Номзодлардан стажировка танловида иштирок этиш учун аризалар онлайн шаклда Вазирлик расмий электрон почтаси орқали қабул қилинади.
  4. Малака талабларга мувофиқ ариза эгаларига саралаш босқичида иштирок этишга таклиф қилинади.
  5. Номзодлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, давлат фуқаролик хизмати ва коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунчилик, давлат тили, ахборот технологиялари, шунингдек тизим фаолияти билан боғлиқ билим даражасини аниқлаш учун Вазирлик тизим ташкилотлари томонидан ташкил этиладиган махсус тест синовидан ўтадилар.
  6. Тест синовлари базаси Ёшлар ишлари агентлиги буюртмасига биноан ушбу ташкилот маблағлари ҳисобидан Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти томонидан ишлаб чиқилади.
  7. Тест босқичи Вазирлик тизим ташкилотлари билан ҳамкорлик қилаётган ОТМларнинг махсус компьютер хоналарида ўтказилади. Танлов жараёнлари Ёшлар ишлари агентлиги томонидан мувофиқлаштирилади.
  8. Тест босқичидан муваффақиятли ўтган номзодлар (71 фоиздан юқори) тегишли Вазирлик тизим ташкилотлари томонидан тузилган махсус комиссия томонидан суҳбатдан ўтказилади.
  9. Номзодлар кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ жадвал бўйича баҳоланади. Баҳолаш натижаларига кўра, синовлардан муваффақиятли ўтган номзодларни стажировкага қабул қилиш ҳақида Вазирлик тизим ташкилотлари раҳбарларининг буйруғи чиқарилади.
  10. Стажировка жараёнини намунали якунлаган ёш мутахассислар стажировка ўтаган давлат органларининг кадрлар захирасига киритилади.

 

3-боб. Cтажировкани ташкил этиш қоидалари

  1. Стажировка танловлардан муваффақиятли ўтган битирувчи билан 3-иловага мувофиқ тузиладиган, ташкилот раҳбари ёки раҳбар томонидан ваколат берилган шахс томонидан имзоланадиган стажировка шартномаси асосида ташкил қилинади.
  2. Мазкур шартномада стажировкани ташкил этиш ва ўтказиш бўйича шартнома предмети, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қабул қилувчи ташкилотнинг иш фаолияти хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда стажировкани ўташ тартиби, шартноманинг амал қилиш муддати
    ва бекор қилиш асослари, шунингдек, тарафларнинг жавобгарлигига
    оид нормалар назарда тутилади.
  3. Стажировка уч ойдан кам бўлмаган ҳамда бир йилдан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилиши лозим.
  4. Вазирлик Кадрлар бошқармаси ва Ёшлар етакчиси мазкур Дастурни амалга ошириш жараёнларини мувофиқлаштиради. Стажировкани ташкил этишнинг зарур ташкилий-ҳуқуқий чораларини кўради (Ёшлар етакчиси белгиланмаган ташкилотларда ушбу вазифаларни кадрлар хизмати ходимлари амалга оширадилар).

Ҳусусан:

танлов жараёнларини белгиланган мезонлар асосида шаффоф
ва адолатли ўтишини таъминлайди;

стажировкага жалб қилинган талабалар маълумотларини умумлаштиради;

стажировка якунлари бўйича ҳисобот (тақдимот) жараёнларида иштирок этади;

дастурни амалга ошириш схемаси бўйича барча босқичлардаги чора-тадбирларни мувофиқлаштиради;

стажировка ўташда ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юзасидан мониторингни амалга оширади;

стажировка якунлари бўйича Вазирлик тизим ташкилотларининг ҳисобот ва таклифларини умумлаштиради;

дастур бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ёшлар агентлигига ахборот беради.

  1. Вазирлик, Вазирлик тизими ташкилотлари стажировкани ташкил этишнинг зарур ташкилий-ҳуқуқий чораларини кўради. Хусусан:

синов жараёнларини адолатли ва шаффоф тарзда ташкил этади;

малакали ва тажрибали мутахассислар орасидан стажёр билан ишлаш кўникмасига эга бўлган стажировка раҳбари ва устоз-менторни тайинлайди;

битирувчиларни стажировка даврида ўз ходими сифатида фаолият олиб бориши учун ташкилот раҳбарининг буйруғини чиқаради;

стажировка дастурига мувофиқ битирувчиларга жорий қилинадиган шарт-шароитлар (шахсий ҳимоя, моддий-техника воситалари ва бошқалар)ни яратади;

стажёрларга мавжуд адабиётлар, техник ва бошқа ҳужжатлардан (махфий характерга эга бўлган хужжатлардан ташқари) фойдаланиш имкониятларини беради;

ташкилотнинг ички меҳнат интизомини бузган стажёр билан тузилган стажировка шартномасини белгиланган тартибда бекор қилади;

битирувчи стажировкани ўташ даврида давлат органида бахтсиз ҳодисага учраган ҳолатлар бўйича жавобгарлик масалаларини қонунчилик ҳужжатлари асосида кўриб чиқади.

  1. Стажировка раҳбари стажировка ўтаётган битирувчиларга раҳбарлик қилади. Унинг вазифалари:

давлат фуқаролик хизмати ташкилотнинг таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлимлари бўйича талабаларни тақсимлайди, объектнинг тузилиши, фаолият йўналишлари ва ўзига хос хусусиятлари билан таништиради;

стажёр билан стажировка ўташ шартномасини имзолайди;

стажёрлар билан ташкилот раҳбарлари ва етакчи ходимларнинг учрашувини ташкил этади.

  1. Устоз-ментор сифатида тизимда камида уч йиллик тажрибага эга, меҳнат жамоасида обрў-эътиборли давлат хизматчиси “устоз-шогирд” анъанаси асосида кўпи билан икки нафар битирувчига бириктирилиши мумкин. Унинг вазифаларига қуйидагилар киради:

стажёрларга иш фаолияти ва техника хавфсизлиги бўйича тушунтириш, шунингдек қабул қилувчи ташкилотнинг ички тартиб қоидалари ва иш режимининг хусусиятлари бўйича йўл-йўриқ кўрсатиш;

стажировка дастурига тааллуқли материаллардан фойдаланиш тартиб-қоидаларини ўргатади;

стажёр иш кунининг белгиланган давомийлигига ва стажернинг шахсий иш режасига риоя этилишини назорат қилади.

  1. Стажёр тизим ташкилотида стажировка ўташда:

стажировка бўйича услубий ва кўрсатма материаллар билан танишиши;

стажировка шартномаси билан юклатилган ҳуқуқ ва мажбуриятларни амалга ошириши;

стажёрнинг шахсий иш-режасида назарда тутилган барча топшириқларни белгиланган муддатларда, тўлиқ ҳажмда ва сифатли бажариши;

стажировка ўташ тўғрисидаги ҳисоботни тақдим қилиши;

фаолиятида фойдаланиши мумкин бўлган материаллар тўпламини шакллантириши;

қабул қилувчи ташкилотнинг ички меҳнат тартиб қоидалари
ва ходимлари фаолиятининг тартибини белгиловчи ҳужжатларга риоя қилиши шарт.

 

4-боб. Стажировкани ўташ тартиби

  1. Стажировка қуйидаги босқичларга бўлинади:

тайёрлов;

асосий;

ҳисоботларни топшириш ва баҳолаш.

  1. Стажировка тайёрлов босқичининг биринчи кунида стажировка раҳбари томонидан йиғилиш ўтказилади. Йиғилишда талабалар стажировкани ўташ дастури билан танишадилар, унинг мақсад
    ва вазифаларига тааллуқли кўрсатмалар, стажировкани ўташ ва
    4-иловадаги ҳисобот шаклини тўлдириш тартиби ҳақида хабардор қилинадилар.
  2. Стажировка ўташнинг бошида талабалар қабул қилувчи ташкилотнинг тузилиши, фаолият йўналишлари, ўзига хослиги билан танишадилар ҳамда стажировка раҳбари ва бириктирилган устоз-ментор билан биргаликда стажировкани ўташ дастурини бажариш бўйича
    5-иловага мувофиқ, шахсий иш режа жадвалини тузадилар.
  3. Стажировканинг асосий босқичида битирувчи бевосита стажировкани ўташ дастурини бажариш бўйича Шахсий иш режада кўрсатиб ўтилган ишларни бажаради.
  4. Стажировка якунлари бўйича ҳисоботни топшириш сўнгги босқич ҳисобланади. Белгиланган тартибдаги ҳисобот-тақдимот стажировка раҳбари, устоз-ментор ва ёшлар етакчиси (Ёшлар ишлари агентлиги вакили) томонидан баҳоланиб тасдиқланади.
  5. Стажировкани муваффақиятли якунлаган битирувчилар 6-илова асосида тасдиқланган сертификат билан тақдирланади. Мазкур сертификат асосида битирувчиларни давлат хизматига ишга қабул қилишда имтиёз назарда тутилади.

 

5-боб. Вазирлик тизим ташкилотларига ишга қабул қилиш

  1. Вазирлик тизим ташкилотлари томонидан ҳисобот даврида мавжуд вакант лавозимлардан келиб чиқиб, ёш мутахассислар учун энг кам даражали давлат хизматчилари лавозимлари рўйхатини шакллантиради. Ушбу лавозимлар вакант лавозимларнинг 10 фоизи миқдорида бўлиши тавсия қилинади.
  2. Рўйхатдаги лавозимлар учун битирувчиларга алоҳида малака талаблари ишлаб чиқилади.
  3. Дастур асосида стажировкани муваффақиятли тамомлаган, сертификатга эга битирувчилар тизим ташкилоти томонидан эълон қилинадиган мутахассис лавозимига ўтказиладиган тест синовларидан ўтган ҳисобланиб, бошқа номзодлар билан бир қаторда танлов комиссияси томонидан ўтказиладиган суҳбат асосида ишга қабул қилинади.

 

6-боб. Якуний қоида

  1. Мазкур Дастур бўйича юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.