Sayt yangilanmoqda
O'zbekcha Русский Ўзбекча English

ИТСВ аёллар клуби: Work-life balance ва тайм-менеджмент сирлари

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида “Аёллар клуби” ўз ишини давом эттирмоқда. Навбатдаги учрашувнинг меҳмони сифатида маҳаллий бошқарув консалтинг компаниясининг таъсисчи-ҳамкори Ҳилола Сулаймонова таклиф этилди.

Иштирокчиларнинг эътиборини “Вақтни бошқариш ҳамда иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатга эришиш” мавзусидаги машғулот ўзига жалб қилди. Work-life balance бу барча ҳаётимиздаги саъй-ҳаракатларимиз, жумладан меҳнат фаолиятимиз, оила, севимли машғулотларимиз, дам олиш вақтимиз, ўз устимизда ишлашимиз, лавозим поғоналаридан ўсишга сарфланадиган вақтимиз ва ҳаётимиздаги бошқа амалиётларимиз уйғун тарзда тақсимланган турмуш тарзидир. Бундай мувозанат ҳиссий ва жисмоний соғлиқни мустаҳкамлайди ҳамда шахсий ва касбий самарадорликни ошириш имконини беради.

Ҳилола Сулаймонова, шунингдек, инсоннинг меҳнат ва умуман ҳаётдан қониқиш ҳосил қилиши учун ҳаётий устуворликларни белгилашнинг ўзига хос хусусиятлари, SMART усулида ўз мақсад ва вазифаларини белгилаш техникаси ҳақида гапириб берди ва ўз тажрибасидан кўплаб қизиқарли шахсий мисоллар билан ўртоқлашди.

Ҳар бир инсон, эркак ёки аёл бўлишидан қатъи назар ҳаётий муҳим амалиётлари ўртасида вақтни тақсимлашни ўрганиши керак. Ўз ҳаётини режалаштириш, мақсадларини тўғри белгилаш, вақтнинг муҳимлигини англаб, уни бошқариш қобилияти иш сифатини яхшилайди.

Эслатиб ўтамиз, Клуб фаолияти бошқарув соҳасида аёлларнинг рақобатбардошлигини оширишга, вазирлик бошқарув ходимлари ўртасида гендер тенглигини таъминлашга, аёлларнинг иш фаолиятида дуч келадиган асосий муаммоларни аниқлашга ҳамда машғулотлар, маҳорат дарслари ва бошқа тадбирлар орқали аёлларнинг бизнес кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.