Sayt yangilanmoqda
O'zbekcha Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни ва транспорт воситаларини олиб ўтиш, божхона тўловларини ундириш, божхона расмийлаштируви, божхона назоратини амалга ошириш, шунингдек божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳолларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш тартибини белгилаш билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси билан тартибга солинади (https://lex.uz/docs/2876354).

Божхона кодексининг 25-моддасига мувофиқ, Товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш мақсадларига боғлиқ ҳолда уларнинг божхона расмийлаштируви божхона режимларининг қуйидаги турларига мувофиқ амалга оширилади:

1) экспорт божхона режими шундай режимки, бунда Ўзбекистон товари уни қайтариб олиб кириш мажбуриятисиз божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилади;

2) реекспорт божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига илгари олиб кирилган товар ёхуд божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган товарни қайта ишлаш маҳсулоти божхона ҳудудидан божхона божлари ва солиқлар тўланмаган, товарга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда, ушбу Кодекснинг 35-моддасида назарда тутилган ҳолларда эса, уни олиб киришда тўланган божхона божлари ва солиқлар суммалари қайтарилган ҳолда олиб чиқилади;

3) вақтинча олиб чиқиш божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудида эркин муомалада турган товар ушбу ҳудуддан ташқарида вақтинча фойдаланиш мақсадида, божхона божлари ва солиқлар тўланишдан шартли равишда озод этилган, иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда олиб чиқилади;

4) божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режими шундай режимки, бунда Ўзбекистон товарлари божхона ҳудудидан ташқарига қайта ишлаш ва уларнинг қайта ишлаш маҳсулотларини кейинчалик божхона ҳудудига олиб кириш мақсадида олиб чиқилади;

5) эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига олиб кирилган товар уни ушбу ҳудуддан қайтариб олиб чиқиш мажбуриятисиз шу эрда эркин муомалада қолади;

6) реимпорт божхона режими шундай режимки, бунда илгари божхона ҳудудидан олиб чиқилган товарлар божхона божлари, солиқлар тўланмаган ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда, ушбу Кодекснинг 59-моддасида белгиланган муддатларда божхона ҳудудига қайтариб олиб кирилади;

7) вақтинча олиб кириш божхона режими шундай режимки, бунда товар божхона ҳудудига муайян муддатга олиб кирилади ва божхона тўловларидан шартли озод этилган ёки даврий божхона тўловлари тўланган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда ундан вақтинча фойдаланилади;

8) божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими шундай режимки, бунда товар божхона ҳудудига қайта ишлаш ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари тарзида олиб чиқиш мақсадида, божхона божлари ва солиқлар тўлашдан шартли озод этилган ҳолда олиб кирилади;

9) вақтинча сақлаш божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига олиб кирилган ҳар қандай товар тайинланган божхона органига тақдим этилган пайтдан бошлаб ва танланган божхона режимига мувофиқ чиқариб юборилгунига қадар, шунингдек ушбу Кодекснинг 177-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва шартларда, божхона тўловлари тўланмаган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда вақтинча божхона назорати остида сақланиши мумкин;

10) божхона омбори божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига олиб кирилган ва божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун мўлжалланган товар божхона божлари, солиқлар тўланмаган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда муайян биноларда (жойларда) божхона назорати остида сақланади;

11) эркин омбор божхона режими шундай режимки, бунда товар муайян жойлар ва ҳудудларда божхона тўловлари тўланмаган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда жойлаштирилади;

12) эркин божхона зонаси божхона режими шундай режимки, бунда товар муайян жойлар ва ҳудудларда божхона тўловлари тўланмаган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда жойлаштирилади ва шу тарзда ундан фойдаланилади;

13) бож олинмайдиган савдо божхона режими шундай режимки, бунда товарлар божхона ҳудудининг божхона органлари томонидан белгиланган жойларида божхона божлари, солиқлар тўланмаган ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда божхона назорати остида туради ҳамда реализатсия қилинади;

14) божхона транзити божхона режими шундай режимки, бунда:

  • олиб кирилган товар жўнатувчи божхона органи ва товар келиб тушадиган божхона органи орасидаги божхона ҳудуди бўйлаб, шу жумладан чет давлат ҳудуди орқали божхона назорати остида;
  • Ўзбекистон товарлари божхона чегарасида жойлашган жўнатувчи божхона органи ва товар келиб тушадиган божхона органи орасидаги чет давлат ҳудуди бўйлаб божхона божлари ва солиқлар тўланмаган, шунингдек иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда олиб ўтилади;

15) йўқ қилиш божхона режими шундай режимки, бунда чет эл товари божхона тўловлари тўланмаган ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда божхона назорати остида ё‘қ қилинади, шу жумладан фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келтирилади;

16) давлат фойдасига воз кечиш божхона режими шундай режимки, бунда ваколатли шахс товардан воз кечади ҳамда уни божхона тўловлари тўланмаган ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда текинга давлат мулкига ўтказади.

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 300-моддасига мувофиқ, бож тарифи билан белгиланган ставкалар миқдоридаги божхона божлари Ўзбекистон Республикаси савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режимини қўллаётган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан, товарни жўнатувчи ва экспорт қилувчи мамлакатдан қатъи назар қўлланилади.

Савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган ёхуд ишлаб чиқарилган мамлакати аниқланмаган товарларга нисбатан божхона божларининг ставкалари икки баравар оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ қуйидаги товарларга нисбатан божхона божлари қўлланилмайди:

Ўзбекистон Республикаси билан эркин савдо зонасини ташкил этувчи ёки Ўзбекистон Республикаси эркин савдо режимини белгилаган давлатларда ишлаб чиқарилган ва ушбу давлатлардан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва унинг божхона ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси билан эркин савдо зонасини ташкил этувчи ёки Ўзбекистон Республикаси эркин савдо режимини белгилаган давлатларга олиб чиқилган товарларга.

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 358-366-моддаларида товар келиб чиқишига оид қоидалар мавжуд. Умуман олганда, юқоридаги қоидалар келиб чиқиш қоидалари тўғрисидаги ГАТТ/ЖСТ келишувида белгиланган келиб чиқиш қоидаларини қўллаш талабларига жавоб беради.

Товарнинг келиб чиқишини тасдиқлаш учун божхона органларига белгиланган халқаро стандартдаги келиб чиқиш сертификати тақдим этилади.

МДҲга аъзо давлатлардан ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 1993 йил
24 сентабрдаги қарори билан тасдиқланган товар келиб чиққан мамлакатни аниқлаш қоидалари қўлланилади.

Ўзбекистон Республикасида товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатлар товар келиб чиққан давлатни тасдиқлаш мақсадида берилади ва импорт қилинадиган давлатнинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ имтиёзлар олиш учун фойдаланилиши мумкин. Товарнинг келиб чиқишини сертификатлаштириш деганда Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган ва реэкспорт қилинадиган товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатларни кейинчалик бериш, сертификатлаш билан товар келиб чиққан мамлакатни аниқлаш бўйича экспертиза ўтказиш тартиби тушунилади.

Товарларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишда сертификат, сертификат талаб қилинадиган ва бу тегишли шартномаларда ёки импорт қилувчи давлатнинг миллий қоидаларида белгилаб қўйилган ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларида назарда тутилган ҳолларда берилади; шунингдек экспортёрнинг илтимосига биноан. Юқоридагилар билан бир қаторда импорт қилинадиган мамлакатларда Ўзбекистон товарларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида, “Ўзбекекспертиза” АК томонидан “Ўзбекекспертиза” АК расмий сайти орқали интерактив хизматлар ойнасида энг қулай ва содда тарзда амалга ошириладиган товарларнинг келиб чиқиш сертификатларини текширишнинг электрон тизими жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 декабрдаги 994-сон қарори билан тасдиқланган Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан, ваколатли орган — зиммасига Ўзбекистон Республикасидан экспорт (реэкспорт) қилинаётган товарларга сертификат бериш функцияси юклатилган ва Ўзбекистон Республикаси номидан маъмурий ҳамкорликни амалга оширадиган орган (https://lex.uz/docs/4643161).

Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ёки у томонидан ваколат берилган орган ваколатли орган ҳисобланади, шунингдек экспорт қилувчи/ариза берувчининг ариза-декларацияси асосида сертификат бериш Савдо-саноат палатаси томонидан ҳам амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 декабрдаги ПФ-5286-сонли “Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар рақобатдошлигини таъминлаш ва экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ қуйидаги рўйхатлар тасдиқланган (https://lex.uz/docs/3460651):

Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш учун лицензия бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 декабрдаги 959-сонли “Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган (https://lex.uz/docs/3435637).

Лицензия бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, лицензияни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибияти (кейинги ўринларда ваколатли орган деб аталади) томонидан қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибияти (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) лицензияларни расмийлаштириш, қайта расмийлаштириш ва бериш, лицензиялар реестрини юритишни амалга оширади.

Aриза берувчи лицензия олиш учун ваколатли органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

- лицензия бериш тўғрисида қуйидагилар кўрсатилган ариза: ариза берувчи — юридик шахснинг номи, жойлашган жойи (почта манзили) ва ташкилий-ҳуқуқий шакли; ариза берувчи — жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари, ариза берувчи амалга оширишни мўлжаллаётган фаолият тури;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш учун лицензия бериш назарда тутилган тегишли ҳужжати ёки қарорининг нусхаси;

- тузилган ҳамда харидор ва сотувчи имзолаган шартноманинг нусхаси.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.12.2021 йилдаги 728-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган товарларга нисбатан тариф квоталарини қўллаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган (https://lex.uz/uz/docs/5754389).

Низомга асосан, тариф квотаси — айрим турдаги товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб киришнинг муайян даври мобайнида белгиланган миқдорда импорт қилинадиган товарларга нисбатан импорт божхона божларидан кам ставкалардан фойдаланишни назарда тутувчи тартибга солиш чора-тадбирлари, белгиланган миқдордан кўп ҳолатларда импорт божхона божларининг амалдаги ставкалари қўлланилиши.

Келиб чиқиши бошқа мамлакатлардан бўлган ва Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарларга нисбатан тариф квотаси ҳажми, амал қилиш муддати ва импорт божхона божи ставкаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Бунда, тариф квотаси ҳажми шу турдаги товарларнинг ички истеъмоли ва Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида ишлаб чиқариладиган ўхшаш товарлар ҳажмлари ўртасидаги фарқдан ошмайди.

Тариф квоталари ҳажмлари ваколатли органнинг (Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги) қарорига мувофиқ импорт қилувчилар ўртасида тақсимланади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Экспорт назорати соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Экспорт назорати тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади (https://lex.uz/docs/262949).

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари экспорт назоратини амалга ошириш орқали Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ялпи қирғин қуроли ва бошқа турдаги қурол-яроғларни тарқатмаслик соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилишини таъминлашдан иборат.

Ўз хосса ҳамда хусусиятларига кўра ялпи қирғин қуролини (ядровий, кимёвий, бактериологик (биологик) ва заҳарловчи қурол) ҳамда уни етказиб бериш воситаларини (ракеталар ва ялпи қирғин қуролини етказиб беришга қодир бошқа техника воситаларини), бошқа турдаги қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техникани яратишда муҳим ҳисса қўшиши мумкин бўлган, экспорт назорати объектлари рўйхатларида кўрсатилган товарлар, асбоб-ускуналар, илмий-техника ахбороти, ишлар ва хизматлар, интеллектуал фаолият натижалари экспорт назорати объектларидир.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги экспорт назорати соҳасидаги ваколатли давлат органидир.

Ўзбекистон Республикасининг “Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, Хорижий давлат томонидан Ўзбекистон Республикасининг ва ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг иқтисодий манфаатларини бузувчи чоралар қабул қилинган тақдирда, шунингдек ушбу давлат халқаро шартномаларга кўра Ўзбекистон Республикаси олдида қабул қилган ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принципларига мувофиқ ташқи иқтисодий фаолият соҳасида жавоб чораларини киритишга ҳақлидир (https://lex.uz/docs/67345).

Ушбу Қонуннинг 24-моддасига асосан, Товар импортининг кўпайганлигига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан муҳофаза чоралари қўлланилиши мумкин.

Товар импортида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари қўлланилиши соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади (https://lex.uz/docs/62843).

Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божларини қўлланиш мақсадида текшириш ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19.05.2005 йилдаги 129-сон қарори билан тасдиқланган Низом билан белгиланган (https://lex.uz/uz/docs/598068).

Ўзбекистон Республикасининг “Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган товарлар Ўзбекистон Республикасида белгиланган техникавий, фармакология, санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария ва экология стандартлари, талаблари, қоидалари ва нормаларига мувофиқ бўлиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига:

- ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган стандартлар, талаблар, қоидалар ва нормаларга мос келмайдиган товарларни;

- қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда сертификатга, маркировкага ёки мувофиқлик белгисига ега бўлмаган товарларни олиб кириш тақиқланади.

Сертификатлаш, қоида тариқасида, маҳсулотни сертификатлаш тартиб-қоидаларидан ўтиш схемасига мувофиқ икки босқичда амалга оширилади.

Аҳолининг санитария-эпидемиология фаровонлиги, ветеринария ва ўсимликлар карантини соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги Қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади:

- Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонун (https://lex.uz/docs/2732587);

- “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонун (https://lex.uz/docs/3815502);

- “Ветеринария тўғрисида”ги Қонун (https://lex.uz/docs/2854720).

Аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлашнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуни билан белгиланган.

санитария-эпидемиологик хулоса — озиқ-овқат маҳсулотининг ва уни тайёрлаш ҳамда ундан фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналарнинг санитария қоидаларига, нормаларига ва гигиена нормативларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат. (санитария-эпидемиологик хулосани бериш бўйича ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати).

ветеринария сертификати — назоратдаги товарларни ишлаб чиқарган мамлакатнинг давлат ветеринария врачи томонидан белгиланган намунада бериладиган халқаро ҳужжат бўлиб, у назоратдаги товарларнинг ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсизлигини ҳамда импорт қилувчи давлатнинг ветеринария талабларига мувофиқ давлатнинг ҳайвонлар юқумли касалликлари бўйича соғломлигини тасдиқлайди (кафолатлайди). (ветеринария сертификати бериш бўйича ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси).

фитосанитария сертификати — карантин остидаги маҳсулотда ўсимликлар карантини обектлари мавжуд эмаслигини тасдиқловчи халқаро намунадаги ҳужжат (фитосанитария сертификати бериш бўйича ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги).

Санитария-эпидемиология, ветеринария ва фитосанитария хулосаларини расмийлаштириш ва бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.07.2004 йилдаги 318-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом билан белгиланган (https://lex.uz/docs/337769).

Санитария-эпидемиология, ветеринария, фитосанитария ва экологик сертификатлар (хулосалар) сертификатланаётган маҳсулотларга нисбатан санитария-эпидемиология, ветеринария, фитосанитария ёки экологик стандартлар ва норматив ҳужжатларда талаблар мавжуд бўлганда берилади.

Санитария-эпидемиология хулосасини олиш учун ариза берувчи санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудий органига қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланган шаклдаги ариза билан мурожаат қилади.

Озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар аризага технологик йўриқнома ва рецептура илова қилади.

Ўзбекистон Республикасида мувофиқлиги тасдиқланиши лозим бўлган мувофиқликни баҳолаш объектлари рўйхатлари.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.01.2021 йилдаги 43-сон қарори билан қуйидагилар тасдиқланган (https://lex.uz/docs/5249376):

- Мажбурий экологик сертификатлаш керак бўлган маҳсулотлар ва чиқиндилар рўйхати;

- Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария хизмати назорати остидаги маҳсулотлар рўйхати;

- Санитария-эпидемиология хулосаси мажбурий расмийлаштирилиши керак бўлган маҳсулотлар рўйхати;

- Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги мажбурий тасдиқланиши лозим бўлган маҳсулотлар турлари рўйхати.

Savdo tartibotlarini soddalashtirish axborot markazi